Тезкор! Бир қанча аҳоли тоифаларининг эмланиши мажбурий бўлди

Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиевнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетишини олдини олиш бўйича чора-тадбирларни янада кучайтириш тўғрисида” қарори қабул қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан 2015 йил 15 мартда тасдиқланган 0239-07-сонли “Юқумли касалликлар иммунопрофилактикаси” санитария қоидалари ва нормаларидаги эпидемиологик кўрсатма асосида эмлаш жадвалига коронавирус инфекциясига қарши эмлаш тартиби юзасидан қўшимча киритилди.

Унга асосан:

•    2021 йил 1 сентябргача 18 ёшдан катта бўлган қуйидаги тоифа ёки гуруҳдаги аҳоли қатлами коронавирус инфекциясига қарши 1-доза вакциналари;

•    1 октябргача 2-доза вакциналари;

•    1 ноябргача 3-доза вакциналари билан оммавий эмланиши (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ҳоллар бундан мустасно) шартлиги белгиланди.

Улар қуйидагилар:

•    аҳоли билан мулоқотга кирувчи барча турдаги хизмат кўрсатиш объектларининг (давлат хизматлари марказлари, почта бўлинмалари,  банклар, лизинг ташкилотлари, нотариуслар, суғурта компаниялари, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар ва бошқаларнинг) ходимлари;

•    барча турдаги савдо объектларининг (озиқ-овқат, хўжалик моллари, кийим-кечак дўконларининг, дорихоналарнинг ва бошқаларнинг) ходимлари;

•    спорт мактабларининг ҳамда спорт иншоотларининг ходимлари;

•    маданий ҳамда кўнгилочар объектларнинг ва дам олиш масканларининг ходимлари;

•    меҳмонхоналарнинг, уй меҳмонхоналарининг, хостелларнинг, отелларнинг, ётоқхоналарнинг ва кемпингларнинг ишчи-ходимлари;

•    йўловчи ташиш билан шуғулланувчи давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ходимлари;

•    давлат ва нодавлат таълим муассасаларининг ходимлари;

•    ҳарбий хизматчилар;

•    умумий овқатланиш корхоналарининг, хусусан, жамоат жойларида жойлашган тезкор овқатланиш шохобчаларининг, чойхоналар, тўйхоналар, кафелар ва ресторанларнинг ходимлари, шу жумладан, маҳсулотларни етказиб бериш билан шуғулланувчилар;

•    барча турдаги давлат ва нодавлат тиббиёт ва тиббий-ижтимоий объектларнинг ходимлари;

•    коммунал хизмат соҳаси ходимлари;

•    алоқа ва телекоммуникация объектларининг ходимлари;

•    давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ходимлари; 

•    ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ходимлари.

Улашинг: