XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Коронавирус бўлган эркак хотинига айланиб, ҳижобда самолётга чиқди

    Июл 25, 2021

    Бошдан-оёқ ҳижобга ўраниб, учоққа чиққан индонезиялик «аёл»нинг эркак киши эканини бошида ҳеч ким фарқлай олмади. Аммо парвознинг нақ ўртасида алдовнинг миси чиқди.

    Хотини қиёфасидаги эркак чиққан самолёт маҳаллий парвозни амалга ошираётган бўлган.

    Аммо бу эркакнинг ким бўлгани баробарида парвознинг манзили ҳам очиқланмаган.

    Исм-шарифининг дастлабки ҳарфлари билан Д.У. экани айтилган.

    Самолётга чиқиш учун эркак хотинининг паспорти ва унинг ковидга чалинмаганини тасдиқловчи тест натижасини ҳам кўрсатган.

    Бемалол самолётга чиққан, унинг эркак киши эканини ҳатто йўловчилар ҳам сезишмаган.

    Аммо парвознинг ўрталарига бориб уст-бошини яна ўзиникига алмаштириб олгани эркакка панд берган, буни стюардессалар сезиб, дарҳол ҳушёр тортишган.

    19 июлда бошланган Қурбон Ҳайити сабаб, аксарият авиакомпаниялар парвозларни чеклашган.

    Полициянинг журналистларга айтишича, самолёт ерга қўнганидан кейин эркак ҳибсга олинган, зудлик билан тестдан ўтказилган.

    Унинг коронавирусга чалингани аниқланган, уйида ўзини иҳоталиши шартлиги айтилган.

    Полиция изоляция муҳлати тугаши билан эркакнинг терговга тортилишини билдирган.

    Қисқа вақтнинг ичида Осиёнинг коронавирус ўчоғига айланган Индонезияда ҳозир қатъий саёҳат чекловлари ўрнатилган.

    Жанубий Шарқий Осиёнинг бу мамлакатида ҳозир кундалик кўрсаткичлар 50 мингтага етай деб қолган.

    Сўнгги ҳафталарда касалхоналар ковид беморларига тўлиб кетган, кислород баллонлари ва бошқа лозим ашёлар тақчиллашган.

    Индонезияда шу пайтгача жами 3 миллионга яқин одам коронавирус юқтирган, уларнинг 72 мингдан ошиқроғи ковиддан вафот этган.

    Мавжуд вазиятга вакцинация жараёнининг секинлиги баробарида мамлакатга коронавируснинг ўта юқумли дельта — ҳиндча штамми кириб келгани айтилмоқда.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!