XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Тожикистон президентининг жиянлари соғлиқни сақлаш вазирини дўппослади

    Июл 28, 2021

    Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг уч нафар жияни шифокорлар ва мансабдорларни қаттиқ дўппослади, деб хабар бермоқда «Радио Озоди» ўз манбаларига таяниб. Ҳодиса 20 июль куни, уларнинг онаси, президентнинг синглиси Қурбонби Раҳмонованинг ўлимидан кейин содир бўлган.

    Нашр маълумотларига кўра, 64 ёшли Қурбонби Раҳмонова коронавирусга чалинган ва Тожикистон президенти ижро аппарати қошидаги тиббий марказда даволанган.

    Президентнинг синглиси учун атайлаб Германия, Россия ва Ўзбекистондан тажрибали мутахассислар таклиф қилинган. Унинг ўлимидан икки соат аввал улар тожикистонлик шифокорларнинг беморни даволаш услубини нотўғри деб атаган.

    «Бу хулоса Қурбонби Раҳмонованинг фарзандларида ғазаб ва норозилик уйғотди: Фахриддин, Фаррух ва Зиёдали Сафаровлар онасининг ўлимидан кейин дарҳол ўша ерда бўлган шифокорларга ва тиббиёт соҳаси мансабдорларига ташланган. Уларни фақат президентнинг тўнғич ўғли Рустам Эмомали тинчлантира олган», — дея нашр манбаси маълум қилди.

    Тожикистон соғлиқни сақлаш вазири Жамолиддин Абдуллозода ва давлат раҳбари ижро аппарати қошидаги тиббиёт маркази раҳбари Холмаҳмад Раҳимзода энг кўп жабрланган.

    Нашрнинг Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбалари аниқлик киритишича, вазир жағидан кучли зарба еган, марказ раҳбарининг эса боши шикастланган. Қолган шифокорлар енгил жароҳатлар олган.

    Бундан ташқари ССВ раҳбари 26 июль куни АҚШ томонидан Тожикистонга 1,5 миллион доза Moderna вакцинаси етказиб берилиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида қатнашмади. Унинг ўринбосари Шодихон Жамшид журналистларга вазир хизмат сафари билан чет элга кетганини маълум қилди.

    Тожикистон ИИВ воқеа юзасидан суриштирув бошлаган, ҳозирча ҳеч ким қўлга олингани йўқ.

    Маълумотларга қараганда, Эмомали Раҳмоннинг ўндан ортиқ яқинлари коронавирусга чалинган. 5 июль куни президентнинг қайнонаси Ўзбекби Асадуллоева ҳам COVID-19 оқибатида вафот этганди.

    Тожикистон ССВ статистикасига кўра, 27 июль ҳолатига мамлакатда пандемия бошидан буён 14 673 кишида коронавирус аниқланган, шуларнинг 118 нафари вафот этган. Аммо тиббиёт ходимлари ва экспертлар расмий статистикани шубҳа остига қўймоқда.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!