XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Юлдуз Усмонова президент сайловида кимга овоз беришини айтди

    Авг 7, 2021

    Ўзбекистон халқ артистлари Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков, хонанда Бунёдбек Саидов ҳамда яна бир неча санъаткорлар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувининг бадиий қисмида чиқиш қилиш учун Туркманистонда бўлиб турибди. Бунёдбек Саидов Instagram саҳифаси орқали жонли эфир ташкиллаштириб, кузатувчиларини Юлдуз Усмонова билан юзлаштирди. Жонли эфирда Юлдуз Усмонова ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини қизиқтирган саволларга жавоб берди, шунингдек, улар сўраган қўшиқларни ҳам куйлаб берди. Ўзбекистон халқ артисти ўз навбатида кутилаётган президентлик сайловларида кимга овоз бериши ҳақида ҳам гапириб ўтди.

    «Мен бу борада бир нарсани айтиб қўяй. Пружинани босиб-босиб, қўйиб юборсанг, у узоққа отилиб кетади. Мана ҳозир тобора ривожланяпмиз, балки Ўзбекистон учун яшаб ўтган кунларимиз керак бўлгандир. Ҳозир бизда шунақа ўсиш кетяпти, ҳамма жой чиройли, одамлар эркин, улар нима ўйлашидан, қандай фикр билдиришдан қўрқмаяпти. Бу жуда яхши. Ҳақиқатан ҳам, ҳаммаси яхши. Агар пахта қўя олганимда, қалинидан қўярдим.

    Шунчаки, Аллоҳ ризолиги учун миннатдорчилигимни айтмоқчиман. Менга энди ишонмайсизлар, агар Аллоҳга ҳам ишонмасанглар, ўзларинг биласизлар. Пошшойимизга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Дуоларимда шу одам. Ҳожи ота, ҳожи оналар, ҳожи ака, ҳожи опалар, қизларимиз бор ибодатдаги — ҳаммаларинг дуо қилинглар. Шу одам мана шу кетишда уёқ-буёққа бурилмай, мана шундай кетаверсинлар. Демократиямиз шундай кетаверсин.

    Мен шундай қўрқаман бузилиб қолмасин йўлимиз, машинамиз тормоз олиб, тутаб қолмасин, деб. Ҳозир яхши кетяпмиз. Шунинг учун мана шу сайловда мен шу одам биланман. Жуда яхши одам. Кўз тегмасин! Юртимизга, эркинлигимизга кўз тегмасин, дуо қилинглар. У одамни ҳам дуо қилинглар — пошшойимизни, чарчаб қолмасин. Назар чарчатади. Назар бизни чарчатиб йиқитади-ю, Аллоҳ ёмон кўзлардан асрасин», — дейди Юлдуз Усмонова.

    Юлдуз Усмонова 2018 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фармонига мувофиқ «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!