XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Мирзиёев спортчи йигитларга: «Агар қаттиқ ғайрат қилмасаларингиз, қизларимиз ҳадемай сизлардан ўтиб кетади»

    Авг 13, 2021

    Президент спортимизнинг Олимпия ўйинларида кашф этилган янги юлдузлари ҳақида гапирди.

    «Бу галги Олимпиада биз учун спорт оламида бир қатор янги истеъдод соҳибларини, янги Ўзбекистоннинг янги қаҳрамонларини кашф қилиб берганини таъкидлаш лозим.

    Хусусан, 18 ёшли спортчи қизимиз, қорақалпоқ элининг муносиб фарзанди Зайнаб Дайибекова қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи марта Олимпиада қатнашчиси деган шарафга сазовор бўлди.

    Энг муҳими, у мусобақаларнинг иккинчи даврасида Осиё ўйинларининг финалчиси, дунё рейтингида 3-ўринда бораётган хитойлик тажрибали спортчини мағлуб этди.

    Мен ишонаман, Зайнаб қизимиз келгуси Олимпия ўйинларида янада фаол иштирок этиб, ўзининг тиришқоқлиги билан Ўзбекистонимизга албатта олтин медаль олиб келади.

    Ўн тўққиз ёшли Кумушхон Файзуллаева эса 76 килограммгача вазн тоифасидаги қизлар ўртасида оғир атлетика баҳсларининг энг ёш иштирокчиси сифатида эътироф этилди.

    Таъкидлаш лозимки, дунё миқёсида камдан-кам спортчи бу ёшда Олимпия ўйинларида иштирок этиш шарафига муяссар бўлади.

    Шунингдек, умидли боксчимиз Турсуной Раҳимова ҳамда Олимпиада ўйинларида оғир атлетика бўйича янги рекордни ўрнатган қизимиз Муаттар Набиеванинг чиқишлари ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

    Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси юртимизда ёш авлод тарбиясига, жисмоний тарбия ва спорт ривожига қаратилаётган юксак эътибор ва амалий ғамхўрлик натижасидир.

    Ҳурматли дўстлар, мана, кўриб турибсизлар – Ўзбекистоннинг жасур спортчи қизлари халқаро майдонларга дадил кириб келмоқда. Барчамиз уларга чин қалбдан тасанно айтамиз.

    Айни вақтда мен спортчи йигитларимизга қараб айтмоқчиман: агар қаттиқ ғайрат қилмасаларингиз, қизларимиз ҳадемай сизлардан ўтиб кетади».

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!