XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Шавкат Мирзиёев спортчиларимизнинг Токиода зафар қозонишларига нималар сабаб бўлганини айтди

    Авг 13, 2021

    Давлатимиз раҳбари юртдошларимизнинг муваффақиятига хизмат қилган омиллар тўғрисида гапирди:

    «Бу йилги Олимпия ўйинлари қандай қийин ва мураккаб вазиятда ўтганини албатта барчамиз яхши биламиз.

    Жаҳон миқёсида давом этаётган пандемия, аввало, спортчилар учун кутилмаган жисмоний ва руҳий муаммоларни келтириб чиқарди.

    Мавжуд шароитдан келиб чиқиб, кўплаб мусобақалар мухлислар иштирокисиз ўтди. Бундай ҳолат ҳам Олимпиада тарихида авваллари ҳеч қачон кузатилмаган ҳодисадир.

    Ана шундай ўта оғир вазиятда Ўзбекистон спортчилари фақат ғалаба сари интилиб, ҳақиқий мардлик ва жасорат намунасини кўрсатганларига барчамиз гувоҳ бўлдик.

    Фарзандларимиз она халқимизнинг меҳри ва ишончи, миллионлаб мухлисларнинг қўллаб-қувватлашини ҳар дақиқа юрак-юракдан ҳис этиб турдилар ва бу уларга чексиз куч ва мадад берди.

    Фурсатдан фойдаланиб, Токиодаги мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган, барчамизга ҳаяжонли ва унутилмас дамларни тақдим этган Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг барча аъзолари ва устоз-мураббийларга ўз номимдан, халқимиз номидан самимий миннатдорчилик билдираман.

    Албатта, эришилган натижаларда Олимпия ўйинларига олдиндан пухта тайёргарлик кўрилгани, бунинг учун давлатимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди.

    Ана шундай эътибор туфайли Ўзбекистон вакиллари 17 та спорт тури бўйича 71 та олимпия йўлланмасини қўлга киритганлари ҳам миллий спортимиз тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир».

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!