XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Шавкат Мирзиёевнинг Токио Олимпиадаси ғолиблари билан учрашуви

    Авг 13, 2021

    Президент Шавкат Мирзиёев айни пайтда XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчи ва мураббийлар билан учрашув ўтказмоқда.

    Тантанали маросимда Миллий олимпия қўмитаси ва спорт федерациялари раҳбарлари, спортчиларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашмоқда.

    Давлатимиз раҳбари барчани Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Токиода бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларидаги улкан ғалабаси билан табриклади.

    –Албатта, барчамиз Ўзбекистон вакилларининг нуфузли мусобақалардаги ҳар бир чиқишини “ойнаи жаҳон” орқали катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб бордик. Ўз навбатида, мард ва жасур спортчиларимиз юксак ишончни оқлаб, халқимизга ёрқин ғалабаларни тортиқ этди. Ҳеч шубҳасиз, бу Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрамига муносиб совға бўлди, – деди Президентимиз.

    XXXII ёзги Олимпиадада спортчиларимиз 3 та олтин ва 2 та бронза медални қўлга киритди.

    –Ҳаммамизга аёнки, Олимпия ўйинларида ер юзининг энг зўр, манаман деган спорт усталари иштирок этади. Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганидек, шерга қарши шердек курашиш, жанг қилиш керак. Сизлар дунё тан олган спортчилар билан мардона олишиб, уларнинг ўзини ҳам, улар эришган натижаларни ҳам ортда қолдириб, 3 та Олимпия рекордини янгилаб, жаҳон спортида ёрқин саҳифа очдингиз, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

    Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 200 дан зиёд давлатдан келган энг кучли спортчилар орасида умумжамоа ҳисобида ўттиз иккинчи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида – иккинчи, Марказий Осиёда эса биринчи ўринни эгаллади. Бу чиндан ҳам ўзбек спорти тарихидаги улкан натижадир.

    – Ғолиб фарзандларимиз шаънига мадҳиямиз янграб, Ватанимиз байроғи баланд кўтарилган дамларда, барчамизнинг қалбларимиз чексиз ғурурга тўлди. Бугунги тантанали маросимда иштирок этаётган қаҳрамон ўғлонларимиз – Токио Олимпиадаси ғолиблари ҳақида ҳар қанча фахрланиб гапирсак арзийди,– деди Шавкат Мирзиёев.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!