XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Спорт турлари бўйича мамлакат чемпионатларининг савияси тушиб кетган — Мирзиёев

    Авг 13, 2021

    Президент миллий чемпионатлар савияси ва спортчиларни тайёрлаш тизимини яхшилаш вазифасини қўйди:

    «Спорт турлари бўйича ўтказилаётган мамлакат чемпионатларининг савияси тушиб кетган. Энг ачинарлиси, бу соҳада коррупция ҳолатлари кўзга ташланмоқда.

    Масалан, спорт мусобақаларининг ҳудудий босқичлари ўтказилмасдан, фақатгина маълум бир тоифадаги спортчиларни республика босқичига олиб келиш одатий ҳолга айланган. Шу боис чемпионатларимизда кучли спортчилар жуда кам, рақобат деярли йўқ.

    Спорт йўналишидаги вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш учун соҳада биринчи навбатда давлат бошқарувини янада такомиллаштириш талаб этилади.

    А.Арипов бир ой муддатда Туризм ва спорт вазирлигининг тузилмасини қайта кўриб чиқиш ҳамда жамоавий спорт мусобақаларини ўтказишни такомиллаштириш юзасидан тегишли қарор лойиҳасини киритсин.

    Олимпия захирасидаги спортчиларнинг жисмоний, тиббий ва психологик ҳолати ҳамда фармакологик таъминотини яхшилаш, бунда илғор хорижий тажриба билан бирга, илмий ёндашув ва халқ табобатини қўллаш муҳим ҳисобланади.

    Спортчиларнинг жисмоний ва руҳий тикланишига ёрдам берадиган, уларнинг саломатлиги ва жисмоний қобилиятига ижобий таъсир этадиган маҳаллий озиқ-овқатлар рўйхати ҳамда оптимал овқатланиш рационларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш лозим.

    Олимпия терма жамоалари спортчиларининг руҳий тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳим.

    Чунки спортчининг руҳий тайёргарлиги, ўзига ишончи қанчалик кучли бўлса, албатта, натижа ҳам шунча яхши бўлади.

    Шу мақсадда Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида спорт психологияси ва диетологияси бўлимларини ташкил этиш лозим».

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!