XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Тошкентдаги боғчада 25 нафар бола заҳарланди. Бир нафари ўлим билан курашмоқда

    Авг 13, 2021

    Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамкорлигида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг 25 нафар тарбияланувчисининг касалланиш ҳолати ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.


    Маълум бўлишича, 2 августдан 11 августгача интоксикация синдромининг клиник кўринишлари бўлган тарбияланувчилар Тошкент педиатрия институти клиникаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент 1-шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонаси, Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Оққўрғон тумани юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.

    12 август ҳолатига кўра, 6 нафар тарбияланувчи оғир ҳолатда жонлантириш бўлимида даволанмоқда, шундан бир нафар тарбияланувчи ўпканинг сунъий нафас бериш мосламасига (ИВЛ) уланган бўлиб, ўта оғир ҳолатда қолмоқда. Қолган 19 нафар тарбияланувчининг ҳолати ўртача оғир деб баҳоланган. Касалхонага ётқизилган тарбияланувчилардан бактериологик текширув ўтказиш учун таҳлиллар олинган ва лабораторияга юборилган.

    Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан консилиум ўтказилиб, касалхонага ётқизилган тарбияланувчиларга клиник кўринишларига кўра «ботулизм» ташхисига гумон қилинган. Якуний ташхис эпидемиологик текширув натижалари ҳамда бактериологик тадқиқот маълумотларига асосланиб қўйилади. Даволаниш давомида 21 нафар тарбияланувчиларнинг саломатлиги ҳолатида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.

    Касалликка чалинмаган мазкур мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари ҳар куни тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб назоратга олинмоқда.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!