XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Ўзбекистон “Толибон” ҳаракати билан яқин алоқада бўлиб турибди

    Авг 17, 2021

    Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистондаги вазият бўйича навбатдаги баёнот билан чиқди.

    Маълум қилинишича, мамлакат Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бормоқда.

    “Ички афғон кучларининг инклюзив ҳукумат шакллантиришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотларини қўллаб-қувватлаймиз. Доҳадаги афғонлараро музокаралар доирасида кенг кўламли тинчликка эришилишига умид билдирамиз. Умид қиламизки, мамлакатда ҳокимият транзити халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда умумий консенсус асосида тинч йўл билан амалга оширилади”, дейилади баёнотда.

    Қайд этилишича, вазиятнинг бу йўналишда ривожланиши миллий келишувга эришишга олиб келади ҳамда кучли ва лаёқатли давлатни шакллантириш учун шароит яратади.

    Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлашга ва қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига содиқлигини қатъий билдирган.

    “Ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг Кобул ва Мозори Шарифдаги дипломатик ваколатхоналари одатдаги тартибда ишламоқда. Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича «Толибон» ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турибди”, дейилади баёнотда.

    Маълум қилинишича, Ўзбекистон давлат чегарасини бузишга бўлган ҳар қандай уринишлар миллий қонунчиликка мувофиқ кескин равишда бартараф этилади.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!