XABAR.INFO

    Ўзбекистон ва Жаҳоннинг энг сўнгги хабар ва янгиликлари

    Ўқитувчи ва тарғиботчилар президентликка номзод Алишер Қодиров учун имзо тўплашга мажбур қилинаётгани айтилди

    Авг 23, 2021

    «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Президент сайловида иштирок этиш учун номзоди кўрсатилган Алишер Қодиров ўзининг Telegram’даги канали орқали уни қўллаб-қувватлаш учун мажбуран имзо тўпланаётгани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирди.

    Ижтимоий тармоқларда мактаблардаги ўқитувчи ва тарғиботчилар «Миллий тикланиш» ДП томонидан президентликка номзод Алишер Қодировни қўллаб-қувватлашга доир имзо варақасини уйма-уй юриб, тўлдиришлари талаб қилингани айтилган хабар тарқалди.

    Алишер Қодировнинг таъкидлашича, ушбу имзо варақалари умумий рўйхатдан чиқариб ташланади.

    «Президентликка номзодларни қўллаб-қувватлаш учун имзо йиғишда мажбурлаш бўлмаслиги керак. Сизнинг имзонгиз — ҳуқуқингиздир. Сизни мажбурлашларига йўл қўйманг. Юқоридаги ҳолат қайси тумандаги қайси мактабда содир бўлгани аниқланади ва тасдиқланса, ушбу имзо варақалари умумий рўйхатдан чиқариб ташланади», — деб ёзади партия раиси.

    Алишер Қодиров имзо йиғиш жараёнида партия фаоллари томонидан босимга учраган шахсларни @alisherqodirov_bot манзилига маълум қилишларини сўраган.

    Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка кўра, сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақалари Ўзбекистон жами сайловчиларининг умумий сони камида бир фоизининг, камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилма намояндаси бўлган сайловчиларнинг имзосини қамраб олган бўлиши керак. Маъмурий-ҳудудий тузилмалардан бирида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри) сиёсий партия имзолар умумий миқдорининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.

    Улашинг:

    EnglishRussianUzbek
    Free counters!